Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 60 дан: 26.07.2017

Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон! Байрамолди йўқламасида: Жондор тумани

Ота ва халқ дуосини олган кам бўлмайди

Жўй Мўмин қишлоғидаги далалар яқинида 45 гектарли экинзор бор. Бир пайтлар ўзлаштирилган қумлоқ қирлик. У бошқа экин майдонларидан бирмунча баландликда жойлашган бўлиб, атрофи захни қочирадиган зовур. Агар қуйидаги далаларга сув ариқдан шарқираб оқса, бу майдонлар олти метр чуқурликдан насос орқали суғорилади.

Тупроқ структураси ҳам мураккаб. Қумлоқ бўлгани учун нами тез қочади. Суғориш оралиғи ўн олти кундан ошдими, ғўза япроқларининг туси ўзгаради. Шунинг учун ҳам 2003 йил охирларида ширкат хўжалиги негизида фермер хўжаликлари ташкил этила бошланган пайтларда, манаман, деган деҳ¬қон бу қумлоқ тепаликка кўз тикмаган.

Кутилмаганда Муртазо дегани талабгор чиқди. Аксарият ҳайрон: кетмон ушлаб ¬пайкал суғормаган, меҳнат фаолиятини савдо соҳасида бош¬лаган 27 ёшли йигит ҳазиллашмаётганмикан? Наҳотки, Мурод ака ўғлининг шу майдонларда фермерликни эплашига ишониб,изн берган бўлса?

Мурод ака дегани ким дерсиз? У техника ва одамлар қия йўл бўйлаб кўтариладиган ана шу тепалик майдон ҳудудидаги бригадага 26 йил раҳбарлик қилиб, ҳар йили пахтадан баракали хирмон тиклаган тажрибали деҳқон.

Мурод ака ерга меҳр қондан-қонга ўтишига ишонарди. Муртазо отасининг гап орасида меҳнатим сингган тепаликдаги ерларни ким ¬уддаларкан, дея ўсмоқчинамо сўзларини тўғри тушунди ва дилидагини айтди:

"Ҳужжатларни тайёрлаб, тендерда қатнашаман. Агар ўтказишса, менга ишда ёрдам берасиз".

Ота қатъиятли, сўзига собит ўғилдан шу гапни кутганди.

— Албатта, ёнингда бўламан. Лекин ер ва одамлар билан тиллаша олишинг керак. Яна унутмаки, деҳқончиликда ҳаяллаш кетмайди,—деди Мурод ака.

Фермер хўжалиги "Эргашев Мурод. Алпомиш Муртазо ўғли"номини олди.

Нафақада бўлса-да, ота доимо Муртазога елка тутди. Уч йил ўтгач, бир куни ўғлига, далангни, одамлар билан муомалангни кўп бор кузатдим. Кишиларга меҳрибонлигинг, улар ишончига киришингга, етакчилик кучингга амин бўлдим. Билдимки, сендан яхши деҳқон ва раҳбар чиқади, деди.

Муртазо Эргашев бошқарувидаги фермер хўжалик ташкил топгандан буён давлатга пахта ва дон сотиш шарт¬номавий режасини ортиғи билан уддалаб келмоқда. "Оқ олтин" ники 39- 41, буғдойники 85-90 центнер атрофида. Жорий мавсумда 18 гектар майдондан қарийб 165 тонна дон йиғиштириб олди. Давлат шартномавий режасидан орт¬ган 82 тонна дон жамоа ихтиёрида қолди.

Бу муваффақият, умуман эришилган ҳар бир ютуқ замирида жамоанинг сидқидил меҳнати, фидойилиги, халқона айтганда, оғзибирлиги, ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида уддалашга бўлган иштиёқи ётади.

Меҳнатга яраша даромад кўрилмоқда. Шунинг эвазига ҳайдов ва чопиқ техникалари, ариқдан сувни кўтариб узатадиган насос агрегати харид қилинди. Ўтган йили жамоа 27 гектар пахта майдонидан 39 центнер ҳосил олиши эвазига 20 миллион сўм соф фойда кўрди. Буғдой ҳисоби бўйича бу кўрсаткич эса 65 миллион сўмни, такрорий экинлар, яъни мош, ловия, ошқовоқ ва маккажўхориники эса 22 миллион сўмни ташкил этди.

Жамоа аъзолари меҳнат улушига қараб, даромаддан баҳраманд. Масалан, ўтган йили механизаторлар Рустам Камолов, Жаҳонгир Саъдуллаев ва сувчилар Жасур Сулаймонов, Комил Раҳматов,Элмурод Камоловларнинг ойлик даромади 1 миллион сўмдан кам бўлмади. Уларга давлатга сотилганидан ташқари омборда қолган хирмондан 2 тоннадан дон берилди. Бундан ташқари такрорий экинлар ҳосилидан ҳам баҳраманд бўлишмоқда.

— Илгари жамоа, ке¬йинчалик ширкат хўжалигида зўр бригадир деб танилган отамнинг ранги ўчган эски "Жигули"си бор эди,— дейди фермер.—Бугун қишлоқда ҳар уч-тўрт оила, мендан ташқари фермер хўжалигимизда яна 2 киши "Нек¬сия"га эга.Уйларимиз кўркамлигини айтмайсизми? Бунақасини мулк умумий бўлган даврда орзу ҳам қила олмасдик. Хуллас, меҳнатга яраша тўкин, фаровон замонда яшаяпмиз.

Усмон бобо Ҳожиев қишлоқнинг 83 ёшлиси яъни энг кексаси.

— Одатда, ёши 50 дан ошган кишиларни маҳалла оқсоқоли этиб сайлашади,— дейди отахон.—Лекин 42 ёшли Муртазо аллақачон қишлоғимизнинг оқсоқолига айланган. Маҳалладаги бирор кенгаш унингсиз ўтмайди. Бунинг боиси бор. Қишлоқда обрў-эътибори бў¬лакча-да. Қайси оилада муаммо бўлса, Муртазонинг маслаҳати тош босади. Унинг амалий ёрдами ҳам катта. -Масалан, қишлоғимиздаги "Биби Кабўд¬пўш" қабристонини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга бош бў¬либ, ўз ҳамёнидан 20 миллион сўм маблағ сарфлади. Ҳудудимизда қувур тортиб сифатли ичимлик суви билан таъминлашга давлат томонидан ажратилган маблағга қўшимча 20 миллион сўмни ўзи ажратди. Фермер хўжалиги аъзоларидан бирининг ўғлига олий ўқув юртида ўқиши учун контракт пулининг асосий қисмини тўлаб берганини эшитганман. У хайр-баракали, саховатли инсонлардан.

Муртазо Эргашев рафиқаси билан икки қиз ва бир ўғилни вояга етказмоқда. Улардан бирининг номи Алпомиш. Ота унга афсонавий жўмард ва кучли паҳлавон каби юртпарвар инсон бўлишини ният қилиб, шундай ном берган. Муртазо танти деҳқонлар қаторида она заминини яшнатаётган бўлса, унинг зурриёди курашга меҳр қўйган 13 ёшли Алпомиш Жондордан чиққан уч карра Олимпиада совриндори Ришод полвон Собиров сингари эл ўғлони сифатида камол топишига тилакдошмиз.

"Жондор Чинор Чорва"нинг истиқболи порлоқ

Президентимиз жорий йил март ойида Бухорога ташрифи чоғида унинг ҳузурида истиқболли лойиҳалари тақдимот қилинган корхоналар орасида "Жондор Чинор Чорва" масъулияти чекланган жамияти ҳам бор эди. Қўллаб- қувватланган лойиҳанинг ўзига хос жиҳати нимада? Бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.

Мазкур корхона ўз фаолиятини 2010 йилда чорвачилик йўналишида бошлаб, муайян ютуқларга эришди. Кейинчалик бу ерда янги ишга қўл урилди. Аниқроғи, паррандачилик йўлга қўйилди.

Ҳар қандай режанинг рўёби учун фақат тадбиркорнинг шижоа¬ти етарли эмас. Бунда қулай ¬муҳит, тегишли шарт-шароитлар ҳам зарур. Мамлакатимизда бу борада катта қу¬лай¬ликлар яратилган.

— Паррандачиликни кенг йўлга қўйишимизда Президентимиз қарорига кўра инвестиция киритиш шарти билан туман тиббиёт бирлашмасига қа¬раш¬ли эски бинонинг ноль қийматда берилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди,— дейди "Жондор Чинор Чорва" бошқаруви раиси Мастон Нарзуллаев.—"Агробанк" вилоят филиалидан олинган 330 минг евролик кредит ҳисобига бино таъмирланиб, замонавий асбоб ва жиҳозлар ўрнатилди. Корхонамиз тухум йўналишига ихтисослашиб, йилига 35 минг бош товуқ боқиш қувватига эга бўлди. Лойиҳа бўйича экин далаларида ишловчиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 85 та иш ўрни яратилди. Инвестиция мажбуриятини бажарганимиз туфайли бинога эгалик қилиш ҳуқуқи берилди.

2014 йилда корхона ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйди. Тадбиркор 10 миллиард 346 миллион сўмлик инвестиция киритиш шарти билан собиқ "Бухоротекс" акциядорлик жамиятининг қурилиши битказилмаган фабрикаси биносини ҳам ноль қийматда олди. Мулкка эга бўлиш мажбуриятини бажариш учун ўз маблағидан ташқари "Алоқабанк" вилоят филиали томонидан ажратилган 7,8 миллиард сўм кредит етарли бўлди. Лойиҳа доирасида 2,6 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Шунингдек, йилига 2 миллион бош жўжа очириладиган инкубация ва 1,5 миллион бош гўштбоп бройлер паррандани боқишга мўлжалланган цехларда энг замонавий ускуналар ўрнатилди. Оқсилга бой озуқа захираси яратилди.

Ана шу ишларни бажаришга инвестиция мажбуриятида кўзда тутилганидан анча зиёд—13 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Маҳсулотнинг таннархи унинг бозорда рақобатбардошлигини белгилайдиган муҳим омиллардан. Шунинг учун ҳам корхона раҳбарияти харажатларни камайтиришга ҳам эътибор қаратди. Бугунги кунда озуқанинг каттагина қисми шу ерда ишлаб чиқарилмоқда. Бунда МЧЖга қарашли экин майдонларида маккажўхори, озуқабоп буғдой, соя экилиши қўл келаётир. Етиштирилган дон қайта ишлаш жараёнида кўзда тутилган рацион асосида бо¬йитилмоқда.

Корхона жорий йилнинг биринчи ярмини муваффақиятли якунлади. Ўтган даврда ўзининг биринчи лойиҳаси амалга оширилган бинода 7,5 миллион донадан зиёд тухум ишлаб чиқарилди. Маҳсулот нафақат вилоя¬тимиз истеъмолчиларига, балки Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси буюртмачиларига корхонанинг ўз транспортида етказиб берилмоқда.

Бугунги кунда аҳоли тухум ва парранда гўштига бўлган эҳтиёжини ўзи таъминлашга ҳаракат қилаётир. Тажрибанинг афзаллиги шундаки, бу орқали оила бюджети тежалади. Бу муҳим ишга "Жондор Чинор Чорва" ўз ҳиссасини қўшмоқда. Корхона олти ойда аҳолига 55 минг бош 90 кунлик жўжа сотди.

Масъулияти чекланган жамиятда бизнес-режаси муваффақиятли амалга оширилаётир. Бу паррандачиликни саноат асосида ривожлантириш технологиясига қатъий риоя қилиниши, корхонада Шаҳноза Содиқова, Лайло Қурбонова, Қосим Назаров, Дўстназар Нарзиев каби ўз ишининг моҳирлари бўлган ишчи ходимлар сафи кенгайиб бораётгани, жамоанинг моддий манфаатдорлиги ошаётгани билан боғлиқ.

—МЧЖ ўзининг пухта ривожланиш стратегиясига эга,—дейди корхона бош иқтисодчиси Улуғбек Нарзиев.—Ишлаб чиқаришимиз кенг йўналишли бўлади. Жорий йилнинг иккинчи ярмида бир кеча-кундузда жами 2,5 тоннагача парранда гўштини қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади. Ҳадемай, технологик ускуна ва жиҳозларни ўрнатиш бошланади.

Президент ҳузурида қилинган тақдимотда юқорида қайд этилган ишларнинг давоми сифатида бошқа бир йирик лойиҳага асосий эътибор қаратилди. Яқин ойларда жўжа боқиш цехи ишга тушади. Бу ерда йилига 210 минг бошгача жўжа уч ой парвариш қилингач, аҳолига сотилади.

Қиймати 510 минг евро бўлган мазкур лойиҳа "Алоқабанк" вилоят филиали томонидан молиялаштирилди.

Ҳа, истеъмол бозорини тўкин этишга хизмат қиладиган корхона ўз ривожланишининг янги босқичига қадам қўймоқда.

Шундай маҳалла бор

—Бундан беш йил илгари маҳалла фуқаролар йиғинига раҳбар этиб сайланганимда ҳудудимизда 84 та оила ижтимоий кўмакка муҳтожлар сифатида молиявий ёрдам оларди,— дейди "Жондор" МФЙ раиси Суҳроб Атоев.—Бугунги кунда улар сони атиги учтани ташкил этмоқда.

Ҳудуддаги ижтимоий муҳит барқарорлиги, кишилар турмуш фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлган бундай ўзгаришларга қандай эришилди, деган саволнинг туғилиши табиий.

Жавоб шундай: МФЙ раҳбарияти ҳудуддаги тадбиркорликка ҳавасмандларни аниқлаб, уларга маҳаллий ҳокимият ва тижорат банклари орқали ўз ишбилармонлик имкониятларини амалга оширишга кўмаклашди. Ҳозирги пайтда маҳаллада 134 оила иссиқхона ташкил этиб, маҳсулот етиштириш билан банд.

— Ўтган йили томорқамдаги иссиқхонамни банк кредити ҳисобига уч бараварга, яъни 6 сотихга кенгайтирдим. Бу ерда дастлаб помидор кўчати етиштириб, уни февраль охирида бозорга чиқараман,—дейди тадбиркорлардан бири Азамат Шаропов.—Сўнгра, помидор ва бодринг экаман. Иссиқхона ичкари томони четларида ошқовоқ уруғларини ундириб, парвариш қиламан. Эрта ҳосилга харидорлар оз эмас. Хуллас, бир йилда кўчат етиштиришни ҳисобга олган ҳолда тўрт бор ҳосил кўтарилади. Даромадим ҳам салмоқли.

— 10 сотихли иссиқхонамиз бор,— дейди бошқа бир суҳбатдошимиз Ғани Исмоилов.— Бу ерда оилам аъзолари қаторида қўшниларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 9 киши иш билан банд. Ҳар йили бодринг, помидор ва бош¬қа сабзавотлардан мўл ҳосил етиштирамиз. Хуллас, бозорни тўкин қилишга ўз ҳиссамизни қўшяпмиз. Турмушимиз ҳам фаровон. Ўтган йилги даромадимиз ҳисобидан "Дамас"ли бўлдик. Бу автоулов тадбиркор учун яхшигина "дастёр".

Маҳалла ҳудудида 814 та оила бўлиб, уларда салкам 2900 нафар киши истиқомат қилади. Аксарияти ижтимоий фойдали меҳнат билан машғул ёшлар. Яқинда маҳалла ёшлари, жумладан, хотин-қизлар учун қулайлик яратилди. Бу ерда тадбиркор Саломат Мусаева томонидан мини футбол майдончаси барпо этилди. Маскан ҳам жисмоний чиниқиш баробарида бўш вақтларни мазмунли ўтказадиган спортсеварлар билан гавжум.

Яна бир янгилик. Январь ойида МФЙ биносида фаоллар ташаббусига кўра кутубхона ташкил этилди. Ҳозирча, унинг фондида ҳомийлик йўли билан жамланган 700 дан зиёд бадиий адабиётлар бор. Тарбия маскани бўлган маҳаллада кишилар маънавиятини бойитадиган кутубхона ташкил этиш тажрибасини вилоят миқёсида ёйиш зарур.

Маҳаллада кейинги бир йил мобайнида жиноятчилик ва оилавий ажрим каби нохуш ҳолатлар юз бергани йўқ. Бу фуқаролар йиғини раҳбарияти, унинг жамоатчилик комиссиялари фаол иш олиб боргани самарасидир.

Президентимизнинг жорий йил 3 февралда қабул қилинган "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони миллий ўзлик, оила, олижаноблик, меҳр-саховат каби қадриятларни тарғиб қилувчи маҳалланинг нуфузини ошириш, ваколат ва имкониятларни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Жумладан, маҳалла раисининг ўринбосари — жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Бу ва бошқа ўзгаришлар маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантиришга, унинг жамоатчилик назоратини кучайтириш механизмидан самарали фойдаланишига, ёш авлодни маънавий таҳдидлардан асраш ҳамда бошқа долзарб йўналишларда давлат ва жамоат ташкилотлари ижтимоий ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда туманда элликдан зиёд маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатмоқда.

Йил дастури — амалда

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган ҳудудий дастурга мувофиқ, туманда одамларнинг янада фаровон яшашига, ёш авлодни баркамол вояга етказишга қаратилган саъй-ҳаракатлар серавж.

Улар орасида қишлоқ жойларда янгиланган лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилиши муҳим ижтимоий аҳамиятга молик масала ҳисобланади.

— Жорий йилда мамлакатимизда қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар қатор жиҳатлари билан олдинги йиллардагидан фарқ қилади,—дейди туман ҳокимининг ўринбосари Азиз Тўхтамишов.— Президентимизнинг ўтган йил 21 октябрда қабул қилинган "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарорида кўплаб қулайликлар белгиланган. Бунда асосий эътибор қуриладиган ушбу ижтимоий объектларнинг ҳамёнбоплиги яъни арзонлигига қаратилган. Жорий йилда туманимиздаги Навгади массивида битта икки қаватли 16 хонали, 10 та бир қаватли 2 сотихли, 6 та 4 сотихли 2 қаватли уй-жой, шунингдек, давлат хизматчилари учун 8 та 4 сотихли 2 қаватли уй қурилмоқда.

Бунёдкорлик ишларини олиб бораётган "Семеранго строй сервис", ¬"Қурувчи Суҳроббек", "Жўйсафед қурилиш", "Жондор кўрки қурилиш" масъулияти чекланган жамиятларининг бино¬корлари уйларни мамлакатимиз мустақиллиги кунигача фойдаланишга топширишни қатъий мақсад қилишган.

— Беш кишили оиламиз август ойи охирида икки қаватли 16 квартирали уйнинг уч хонали хонадо¬нида ҳовли тўйини нишонлайди,—дейди туман тиббиёт бирлашмаси ¬хи第¬мат¬чиси Феруза Ҳайитова.— Квартирамизнинг нархи нисбатан арзон, яъни бир юз ўн миллион сўм. Бошланғич бадал сифатида 15 миллион сўмини тўлаб қўйдик. Қолган қисмини банкдан ажратилган йиллик 7 фоизли кредит ҳисобига 15 йил муддатда қоплаймиз. Бу имтиёз жуда қулай бўлиб, оила бюджетига мос келади.

Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбарияти таълим муассасалари моддий-техника базасини тизимли асосда мустаҳкамлашга тобора катта ғам¬хўрлик қилмоқда. Буни жондорликлар ҳам келажакка эътибор сифатида эътироф этишяпти. Жорий йилда шу йўналишда туман ҳудудий дастури доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилаётир. Масалан, 7-мактабда 140 ўринли, 17-мактабда 120 ўринли янги ўқув биноси қурилмоқда, 1-мактабда эса кенг кўламли мукаммал таъмирлаш ишлари жадал давом этяпти. 32-мактабгача таълим муассасасида ҳам ана шундай бунёдкорлик ишлари олиб борилаётир. Шунингдек, 18- ва 33-мактабларда катта ўлчамли спорт заллари қурилиши кўзда тутилган.

Кейинги йилларда туман тиббиёт муассасаларининг ҳам моддий-техника базаси давлат маблағлари ҳисобига мустаҳкамланди. Куз охирларида фойдаланишга топшириладиган, умумий лойиҳа-смета қиймати 2 миллиард сўмлик стрелизация биноси қурилиши ана шу лойиҳаларнинг давоми бўлади.

Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, туман маркази ва қишлоқ ички йўлларини таъмирлаш, бошқа қатор ободончилик ишлари, ёшлар ўртасида спортни оммавийлаштириш, болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш каби тадбирлар йил дастуридан муҳим ўрин олган.

Ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп

Туманда мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллигини муносиб кутиб олиш борасида барча жабҳаларда кенг кўламли ишлар олиб борилаётир. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш ¬борасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ях¬ши натижаларга эришилмоқда. Жорий йил биринчи ярмида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кичик бизнес субъектлари томонидан 140 га яқин лойиҳалар амалга оширилди. Ана шу мақсадларга тижорат банкларининг 3 миллиард 594 миллион сўмлик, лойиҳа ташаббускорларининг эса 4 миллиард 273 миллион сўмлик маблағлари сарфланди. Фермер хўжаликлари давлат томонидан қўллаб-қувватланиши туфайли улар салоҳияти ошиб бормоқда. Гарчи ғалла майдонлари ўтган йилга нисбатан қисқартирилган бўлса-да, хирмон салмоғи камайгани йўқ. Масалан, фермерлар жорий йилда 33минг 533 тонна дон етиштиришди. Унинг 15059 тоннаси давлатга сотилди. Ҳосилдорлик 55,1 центнерни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 0,7 центнерга кўпдир. Пахтакорларнинг шашти ҳам баланд. 13950 гектар майдонда чигитни эрта ундириб олган деҳ¬қонлар ғўза парваришини обитобида олиб боришаётир. Улар 41,3 минг тонналик хирмон уйишни қатъий ният қилишган. Туманда боғдорчиликни ривожлантиришга эътибор кучаймоқда. Жумладан, баҳорда жами 15 гектар интенсив боғ ташкил қилинди. Шунингдек, қорамолчилик ва қоракўлчилик сезиларли равишда равнақ топмоқда. Бандлик аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Биринчи ярим йилликда режадагидан 58 та кўп ёки 2325 та янги иш ўрни яратилди. Бироқ туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда айрим муаммоларга ҳам йўл қўйилмоқда.Масалан, гарчи туманда саноат ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг олти ойи¬га нисбатан ошган бўлсада, кичик корхоналар ва микрофирмаларда бу кўрсаткич 96,3 фоизга тенг бўлди. Мева ва сабзавот экспорти борасидаги натижа ҳам кутилган даражада эмас. Ана шу ва бошқа муаммолар ечими туман ҳокимлиги, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларидан масалаларни чуқур ўрганиш улар сабабларини бартараф этиш бўйича тизимли иш олиб боришни тақозо қилади.

Ушбу саҳифа "Бухоронома" мухбири Эркин ЁДГОРОВ томонидан тайёрланди.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.