Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 59 дан: 22.07.2017

Туризм ва санъат

Фотообъективда: "Ўзгача Бухоро"

Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти туристик салоҳиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори нафақат сайёҳлик соҳаси мутахассисларини, балки санъат аҳли вакилларини ҳам бу қадимий воҳани жаҳоннинг йирик туристик марказларидан бирига айлантиришдек муҳим ишда қатнашишга даъват этди. Сўнгги пайтларда вилоятимизга ташриф буюраётган туристлар учун бадиий кўргазмаларнинг очилаётгани, халқ амалий санъати усталари ўз маҳсулотларини сотаётган дўкон ва расталарнинг сайёҳлар билан гавжум бўлаётгани, шаҳарнинг қадимий кўчалари ва меъморий обидалари чиройини полотнога чизаётган рассомларни, бу манзараларни ва бухороликлар порт¬ретларини фотообъективга муҳрлаёт¬ган хорижлик суратгирларни тез-тез учратиб тураётганингиз ана шу катта қизиқишнинг инъикосидир. Зеро, туризм ва санъат ўзаро чамбарчас боғлиқ.

Асли ўзи молдовалик бўлиб, қатор йиллардан буён Германияда яшаб, ижод қилаётган фотограф Александр Раевский ҳам Бухорога мафтун бўлган ижодкорлардан биридир. Кўп бора бу шаҳарда ижодий сафарда бўлган истеъдодли суратгир Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган табаррук замин тарихий ёдгорликларини, табиат манзараларини, меҳнаткаш, самимий ва меҳмондўст кишилари чеҳраларини ўз асарларида акс эттириб, уларни кўпгина кўргазмаларда намо¬йиш қилган. Яқинда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги "СЕС Аrtslink" санъат маркази вилоятимиздаги тасвирий санъат музейи билан ҳамкорликда бу фоторассомнинг "Ўзгача Бухоро" деб номланган янги кўргазмасини томошабинлар эътиборига ҳавола этди.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, бу кўргазмадаги асарларнинг ўзи ўзгача. Александр Раевский анъанавий тарзда фоторассомлар томонидан экспозицияга қўйиладиган кичик форматдаги суратлардан воз кечиб, Бухорога бағишланган асарларини йирик ўлчамдаги ранг¬ли фотобаннерлар тарзида ишлаган. Кўргазма ижодкорнинг Бухорои шариф қадимий шаҳар дарвозаларининг тунги манзаралари акс этган фото асарлари билан бошланади. Ҳозиргача бу обидаларнинг юлдузлар чарақлаган осмон остидаги кўринишлари ҳеч бир фотосуратда тасвирланмаган эди. Шунингдек, Калон масжиди кўринишлари ҳам ўзгача ракурсда акс эттирилган.

Фоторассомнинг "Кулол устахонасидаги сайёҳ", "Келин ва куёв", "Дорбоз болалар", "Сўзана сотувчи" сингари асарларида кўҳна шаҳарнинг типик ҳолатлари маҳорат билан тасвирланган. Тош қотган бўз ерни чўкич билан юмшатаётган деҳ¬қон аёл фотопортретида эса саҳрода боғ яратаётган чўлқуварлар вакилининг ўз меҳнатидан фахрланиши ифода этилган.

—Жаҳоннинг 25 давлатида ўз асарлари экспозициясини ташкил этган Александр Раевскийнинг ушбу баннерларини Бухоро гўзаллиги ва бухороликларнинг ажойиб фазилатлари акс этган фото мадҳияга қиёслаш мумкин, —дейди кўргазма координатори, таниқли суратгир Шавкат Болтаев.—Фоторассом "Ўзгача Бухоро" деб номланган бу кўргазмасини ҳали кўпгина хориж мамлакатларида намойиш этади. Демак, бу асарларни кўриб, шаҳримиз чиройига мафтун бўладиган ҳамда Бухорога боришни ният қиладиган чет эллик сайёҳлар сони янада ортади. Бу эса туризм ва санъат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.