Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 56 дан: 15.07.2017

Темир йўл транспорти

Бухоро — Мискин магистрали қурилишида

Суратда: "Бухоро-1" станцияси темир йўл устахоналари мажмуи бошлиғи Шерзод Жўраев (чапдан иккинчи) қурувчилар олдида турган янги вазифаларни тушунтирмоқда. Муаллиф олган сурат.

Узунлиги 350 километрдан ортиқроқ ва қиймати 283 миллион доллар бўлган Бухоро — Мискин янги темир йўли қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида кўзда тутилган замонавий транспорт-логистикаси инфратузилмасини бунёд этиш ва сайёҳларга кўрсатилаётган транспорт хизматини яхшилашда муҳим қадам бўлади. Янги темир йўл линияси нафақат Бухоро, балки Самарқанд, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикасида транспорт ва туризмни ривожлантиришнинг муҳим бўғини бўлади.

—Бухоро—Мискин темир йўл магис¬трали Қизилқум саҳросидан ўтиб, воҳамизни Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, мамлакатимиз пойтахти ва бошқа ҳудудлари билан боғлайди,—дея тушунтириш беради "Бухоро-1" станцияси темир йўл устахоналари мажмуи бошлиғи Шерзод Жўраев.—Бу магистрал ҳозир мавжуд Навоий—Зарафшон—Учқудуқ—Султонуздаг—Нукус йўлидан 75 километр қисқа бўлиб, ҳудудимизни яқин темир йўл орқали мамлакатнинг шимоли билан боғлайди.

2016 йилда мамлакатимизда фойдаланишга топширилган Ангрен—Поп темир йўли Хитой—Марказий Осиё—Европа янги халқаро транзит магистралининг муҳим ўзагига айланди. Қурилаётган Бухоро—Мискин темир йўли эса ана шу магистралнинг ўзига хос давоми бўлади.

Қурувчилар жамоаси олдида мазкур йўналишда 8 та темир йўл станцияси ва разъездини қуриш вазифаси турибди. Янги темир йўл магистрали Ўзбекистонда қўлланилаётган техник стандарт ва талабларга жавоб берадиган замонавий сигнализация, телекоммуникация ва электр таъминоти ускуналари билан жиҳозланади. Бугунги кунга қадар темирйўлчилар томонидан пўлат магистралнинг 25 километри қурилди, тупроғи зичланган 40 километр йўл рельсларни ётқизишга шай этиб қўйилган. Мазкур лойиҳани амалга оширишда минг нафардан зиёд мутахассислар иштирок этмоқда, 200 турдан ортиқ қурилиш техникаси ва махсус ускуналар ишлатилмоқда. Ушбу темир йўл линияси қурилишини жорий йилда поёнига етказиш режалаштирилган.

Магистрални бунёд этишда экскаваторчилардан Жамшид Қиличев, Зариф Иброҳимов, участка мастери Анвар Ҳаитов, бульдозерчи Шукрулло Тўхтаев, грейдерчи Зуҳриддин Сулаймонов ва бошқалар фидокорона меҳнат қилмоқдалар.

Янги магистрал республикамизнинг шимолий ҳудудлари табиий конларини ўзлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш суръатларини тезлаштиради. Лойиҳанинг бош стратегик мақсади—мамлакат ҳудуди ягона темир йўл тизимини шакллантиришдир. Янги линия Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасини мамлакат умумий темир йўл транспорти тизимига киритиш ҳамда Ўзбекистондан Қозоғистон ва Россияга юк ташиш ҳажмини ошириш имконини беради. Янги линия фойдаланишга топширилгандан кейин Ўзбекистон ва Туркманистонни ўзаро боғлаб турган аввалги темир йўл Буюк ипак йўлининг том маънодаги иқтисодий белбоғига айланади ҳамда бу ҳудуддаги барча мамлакатлар манфаатларига хизмат қилади.

Яна оз фурсатдан сўнг Бухоро—Мискин темир йўлидан поездларда илк бор ўтадиган йўловчилар мамлакатнинг шарқидан ғарбига боришда вақт ва масофани қисқартирган темирйўлчилар меҳнатига муносиб баҳони берадилар.

Асаттилло ҚУДРАТОВ.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.