Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 54 дан: 08.07.2017

Бухорои шарифнинг етти пирларидан бири, валийлар йўлбошчиси

Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий

Суратда: Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий мақбарасининг умумий кўриниши.

Хожаи Жаҳон — Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тўртинчи халифаси, муборак "силсилаи шариф"—хожагон тариқатидаги ўн биринчи ҳалқа пири муршиди Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий ҳазратлари инсониятнинг ирфоний оламига катта ҳисса қўшган буюкларимиздандир.

Бу зоти шариф шариат ва тариқат, маънавият ва ҳақиқат илмини такомилига етказган, инсоният руҳий олами, тафаккур камолотини ўзининг чексиз заковати билан бир поғона кўтара олганлиги боис мана неча асрки авлодлари ардоғида. Ифтихор ва шараф соҳиби. Ҳаёти маърифат ва ибрат манбаи бўлган бухоролик етти пирнинг бири сифатида минг-минглаб зиёратчиларнинг ихлос манбаи бўлиб келаётир.

Ҳазрати Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг "Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний" асарларида келтирилишича, Ҳазрати Хизр (а.с.) Ҳазрати Хожаи Жаҳон ҳузурларига келганларида Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг барча шогирдларини уйқу босади. Суҳбат тугаб, Хизр алайҳиссалом кетишга чоғлангунларига қадар уларнинг ҳеч қайсиси уйғонмайди. Илм толибларининг энг ёши кичиги бўлган Хожа Муҳаммад ар-Ревгарийгина улуғ авлиёнинг бебаҳо сабоғи илинжида кўзларига туз сепиб, оғриқнинг қаттиқлигидан ухламаган бўлади. Бу ҳолни кўрган Ҳазрати Хизр (а.с.) Хожа Орифга юзланиб шундай дейдилар: "Сиз Ориф бўлгайсиз, иншооллоҳ!". Буюк авлиёнинг каромати боисми, ёки Яратганнинг марҳамати биланми, кейинчалик жаҳон маърифатпарварлари чуқур ҳурмат-эҳтиром билан номини тилга олишга одатланган Қутбул олам, Моҳитобон, Орифи биллоҳ сифатлари ила довруқ топган пири комилга айланган. Дарвоқе, у кишининг барча фазилатларини тўла мужассам этган Моҳитобон сифати хусусида икки оғиз асосли иқтибос. Нақл этилишига кўра, Хожа Ориф ар-Ревгарий қуддиса сирруҳу ўрта бўйли, ой юзли, катта кўзли, ингичка қошлари ҳилол каби бўлган. Чиройда ойдек, рухсори гулдек ва муборак вужудларидан хушбўй ҳид таралиб тургани учун Моҳитобон номини олган эканлар.

Маълумотларга қараганда, Хожа Ориф ар-Ревгарий милодий 1132 йилда Шофиркон туманининг Ревгар қишлоғида туғилиб, шу қишлоқда 1234 йилда вафот этганлар. Ҳозирда айни шу ерда оналарига рамзий мақбара ўрнатилган, "Волидаи Моҳитобон" номли жоме масжиди фаолият кўрсатаётган бўлиб, обод масканга айлантирилган.

Айрим манбаларда таъкидланишича, у киши юз йилдан ортиқ яшаб бутун умр деҳ¬қончилик қилган эканлар. Барча тариқат пирлари каби у кишининг ҳам ҳалол ризқ-рўз топиш касби кори бўлган. Хожа Ориф ўзларидан аввалги хожагон тариқатининг пири Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг шогирди-ўринбосари сифатида тасаввуф оламида нуфузлари жуда баланд бўлган. Хожанинг муриди сифатида устознинг таълимотини давом эттириб, зоҳидларча художўйлик ва тақводорлик, ортиқча бақириб, ҳайқириб Худони ёт этиш шариатга хилофлигини, инсон умр моҳиятини теран англаши лозимлиги, динда мустаҳкам туриш, жамият ҳаётидан ажралиб қолмаслик, оила қуриш ва уни муқаддас билиш, касб-ҳунар ортидан рўзғор юритишни илгари сурганлар.

"Қутбул авлиё-валийлар йўлбошчиси" номи билан оламга донғи кетган Моҳитобон бобомиз ҳақида жуда кўплаб тарихий асарларда маълумотлар берилган. Абдураҳмон Жомийнинг "Нафоҳот ал унс", Алишер Навоийнинг "Насойимул муҳаббат", Носириддин Тўранинг "Туҳфат аз зоҳирин", Шайх Жамолиддин Қозиқумуҳлининг "Ал-адаб-ул марзия фит тариқати Нақш-бандия", Али Сафийнинг ¬"Рашаҳот", Ҳофиз Таниш Бухорийнинг "Шарафномаи Бухоро" асарлари шулар жумласидандир. Шунингдек, мустақиллик йилларида Нажмиддин Комилов, Иброҳим Ҳаққулов, Маҳмуд Ҳасаний, Садриддин Салим Бухорий, Самад Азимов, Сайфиддин Сайфуллоҳ, Нарзулло Йўлдошев, Гулчеҳра Наврўзова, Мирзо Кенжабек ва бошқа қатор тасаввуфшунос олим ва адиб¬ларнинг илмий, бадиий- публицистик мақолалари эълон қилинган.

Ҳозирда "Хожа Ориф ар-Ревгарий Моҳитобон" номи билан фаолият юритиб келаётган масжид у кишининг ҳаётлик чоғларида қурилган бўлиб, у ерда катта хонақоҳ, ёнида қирқ зинали минора қад ростлаган. Муаззин ўша ердан туриб азон айтган. 1910 йилда Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон томонидан қайта таъмирланган бир-бирига қараган уч томонли айвон шу кунларда ҳам виқор тўкиб турибди. Ўша пайтдаги ҳовуз ҳозир ҳам бор.

Масжид 1998 йилда истиқлол шарофатидан ўзининг тарихий мавқеини тиклаб, диний ташкилот мақомини олди ва фаолиятини давом эттирмоқда.

Моҳитобон ҳазратларининг номи билан боғлиқ зиёратгоҳ мустақиллик берган имконият туфайли янада чирой очиб, кундан-кун зиё¬ратчилар билан гавжумлашиб бораётир. Масжид, манзарали кўчатларга бурканган уч гектарлик боғ ва ободонлашаётган қадимий тепаликдан иборат бир бутун мажмуа-зиёратгоҳ кишининг руҳига тетиклик, онгига теранлик, қалбига чексиз ғурур бағишлаб турибди. 1991-2015 йиллар мобайнида мажмуада узвий равишда таъмирлаш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Кунига 150-200 нафар маҳаллий, 10-15 нафар чет эллик зиёратчи-саёҳатчиларни қабул қилаётган мажмуада айни кунларда ҳам кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

—Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг 25 миллион сўмлик грант маблағлари ҳисобидан мажмуа таркибига кирувчи қадимий тепаликни яшил майсалар билан қоплаш, манзарали кўчатлар ва турфа хилдаги гуллар ўтқазиш ҳамда замонавий сув иншоотлари тизимини ўрнатиш ишлари бошлаб юборилган. "Маҳаллам ободлиги—юртим ободлиги" йўналишидаги лойиҳа нафақат зиёратгоҳ ва зиё¬ратчилар учун муҳим, балки маҳалламизнинг янада обод бўлишига сабаб бўлаётир,—деди Хожа Ориф маҳалла фуқаролар йиғини раиси Азамат Астонов.

Шунингдек, кейинги йилларда кенг жамоатчилик ва саховатпеша ҳомийлар кўмагида қарийб минг метр квадрат ҳажмдаги йўлакларга бежирим плиткалар ётқизилиб, таҳоратхона ва бошқа хўжалик ¬бинолари қайта таъмирланди. Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида ошхона, айвон барпо этилиб, барча ёриткичлар замонавий тежамкорларига алмаштирилди.

Туман бош имом-хатиби Миржон ҳожи Эгамбердиевнинг маълумот беришича, шу кунларда Хожа Ориф Моҳитобон ар-Ревгарийнинг мақбараларига олиб борадиган йўлак кенгайтирилиб, зиё¬ратгоҳнинг юқори қисмидаги деворлари ўрнида нақшинкор панжаралар ўрнатиш ишлари жадаллик билан олиб борилаётган экан. Булардан таш¬қари мажмуа ҳудудида беш юз кишининг ибодатига мўлжалланган масжид қурилиши ҳам ниҳоясига етай деб қолди. Қувонарлиси, истиқлолнинг даст¬лабки кунлариданоқ бошланган ободончилик ишлари бир зум бўлсада, тўхтатилгани йўқ. Бунга ҳамоҳанг ¬равишда кишиларнинг бу манзилга ошиқиши ҳам ортиб бораётир. Шофирконлик таниқли олим, тасаввуфшунос Иброҳим Ҳаққул таъкидлаганидек Моҳитобон бобомизнинг ҳаётлик чоғларидагидек, "Басирати очиқ, идроки беҳад ўткир, суҳбати маърифат нури ва завқи ила тингловчини сармаст айлайдиган руҳоният соҳиби"нинг маърифат майдонини вужудга келтириш учун сайъ-ҳаракатлар қилинмоқда.

Дин ва тасаввуфнинг беқиёс билимдони, валийлар йўлбошчиси Хожа Ориф Ревгарийнинг бутун ҳаёти ва фаолияти, ибрати ва саодати билан боғлиқ ҳақиқати "...Одамни саодатга яқинлаштирувчи хислат шуки, ўзини малоикага монанд этсин! Яъни нафсини ўзига бўйсундирсин ва афиф (покиза) бўлсин...", деган пурмаъно ўгитлари ҳар биримизнинг қалбимизда чуқур ўрнашмоғи шарт. Акс ҳолда, турли нопок мафкуралар ва қарашларни сингдириш авж олаётган бир даврда ўзимиз ва ўзлигимизни йўқотишимиз ҳеч гап эмас. Яратган барчамизни ўзининг ҳақ йўлидан адаштирмасин!

Боқий ҳикматлар гулдастаси

Собиқ шўро мафкураси барча миллий ва диний қадриятларимиз қаторида Моҳитобон бобомизнинг бой маънавий меросидан ҳам бизни узоқ йиллар маҳрум қилиб келди. Юқорида таъкидланганидек, у кишининг "Орифнома" номли ҳикматга тўла дурдона асари борлигини ҳатто уламолар ҳам билишмаган. Зукко тарихчиларнинг қайд этишича, иттифоқ пайтида чоп этилган бирор-бир манбада на Хожа Ориф ар-Ревгарий номи ва на у кишининг қаламига мансуб "Орифнома" асари ҳақида маълумот учрамайди. Давр мафкураси нуқтаи назаридан сир сақланган ёки мутлақо йўқотилиб юборилишининг олдини олиш мақсадида жонкуяр маърифатпарварлар томонидан чет элларга олиб кетилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида, аниғи 1993 йилда Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг 675 йиллиги юбилейи муносабати билан келган дунёнинг кўзга кўринган тариқатшуносларидан бири — Покистоннинг Лоҳур шаҳрида жойлашган "Нақшбандия" жаҳон илмий маркази раиси Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ёрдами билан бу ноёб асар юртимизга қайтарилган. Араб алифбосида, форс-тожик тилида ёзилган қўлёзмани исломшунос олим Садриддин Салим Бухорий ва моҳир таржимон Исроил Субҳонийлар она тилимизга ўгиришган. Шарҳи бир неча жилдлик китоб бўлгулик "Орифнома" осон ўқилади.

— "Орифнома" — жавоҳир, гавҳар, дурдоналар шодаси, ундаги ҳар бир жумла ҳикмат, ҳар бир гапда олам-олам маъно сингдирилган,—деб ёзади Садриддин Салим Бухорий "Хожа Ориф ар-Ревгарий" рисоласида асарга баҳо берар экан.

Дарҳақиқат, шундай. Рисоланинг ёзилиш услуби ҳам ўзига хос. Авлиё бобомиз ўз ҳикматларини "Аюҳал ориф!" (Эй, ориф!), деб бошлайдилар. Бу чорлов "орифларнинг орифи" бўлган ўзлари ва илму толиблар, яъни шогирдларининг сабоқда доимо собит ва собир турмоққа даъват, ишоралигига шубҳа йўқ.

"Орифнома"да панду насиҳатлар ва ҳикматлардан ташқари, улуғ шайхлар, авлиёлар ҳаётидан лавҳалар, уларнинг ибратли ўгитлари ҳам келтирилганки, бу рисоланинг аҳамияти ошишига асос бўлган. Ушбу ҳикматлар ор¬қали Ҳазрати Хожа Ориф тариқат моҳиятини, маърифат қирраларини ва ҳақиқат сабоғини ўқувчига усталик билан сингдиради.

"Орифнома"да Боязид Бас¬томий, Робияи Адвия, Ҳасан Басрий, Яҳё Розий, Абу Туроб Нахшабий, Фузйл Иёз ва устозлари Абдулхолиқ Ғиждувоний каби буюкларнинг ҳаётларидан ибратли нақл, ривоят ва ҳикоятлар ҳам берилган бўлиб, муаллиф улар орқали ўз фикр ва мулоҳазаларини асосли тарзда хулосалайди. Кишиларни буюк инсоний фазилатларни жадал ўзлаштиришга чорлайди. Поклик, ¬саришталик, эътиқодни мус¬таҳкам тутиш, доимо тавозеда бўлиш, савобли ишларга ошиқиш, ибодатни мукаммал адо этиш каби яхши фазилатларни ўзлаштиришга рағбат беради. Маърифатнинг мавқеи баландлигини таъкидлайди.

Бугун ҳам маънавий ва ҳаётий аҳамиятини йўқотмаган, балки мақсад-моҳия¬ти билан долзарблик касб этаётган бир ҳикматни ўқийлик:

Инсонлар фитнасидан огоҳ бўлинг, эй инсонлар!

Нақадар зарур, нақадар ҳозиржавоб сатрлар. Бир-бирини разолат ботқоғига тортаётган, бир-бирини кўзига чўп суқиб, адоват, фитна тарқатаётган, диний ва ирқий муносабатларни кескинлаштираётган кишилардан сақланиш, турли вайронкор ғояларни тарғиб қилиш ва бойлик илинжида дунёнинг тинчлигини бузаётган нобакор кучларга жасорат ва шижоат билан қарши туришга юксак даъват эмасми бу?!

Ёки бутун умри камтарлик ва парҳезкорлик билан ўтган ҳамда айни шу жиҳатдан буюк мартабага эришган бу улуғ зот ҳаётининг ўзи ибрат эмасми?!

"Орифнома"дан сабоқлар

Суратда: "Хожа Ориф ар-Ревгарий Моҳитобон" жоме масжиди.

Хожа Ориф ар-Ревгарий дейдилар:

— Эй ориф! Тариқатнинг остонаси ва саодат калити тавба-тазаррудир. Пайғамбар с.а.в. деганларки: "Тавба этган киши бегуноҳдек бўлиб қолади". Тавбанинг ҳақиқий маъноси бегоналикдан ошноликка, узоқликдан яқинликка, қурбатга эришмоқдир. Шуни билки, тавба исломнинг туғи!

* * *

— Эй ориф! Мўъминнинг қалби соф ва солим (соғлом) бўлиши керак! Чунки Аллоҳ таоло дейди: "Қиё¬мат куни на мол, на фарзанд фойда бермас. Қай шахсгаки Аллоҳ солим қалб берган бўлса, ўшанинг фойдаси тегади".

* * *

— Эй ориф! Сенга Аллоҳ таоло қай бандадан рози бўлишини айтайми? Қай кишики меҳнатига ва меҳнатидан келган неъматга рози бўлса, Аллоҳ ундан розидир.

* * *

— Эй ориф! Сени Аллоҳдан тўсувчи парда бор. Ул парда дунё (бойлик) ҳисобланур.

* * *

— Гоҳо сукутнинг таъсири ҳар қандай каломдан устувор бўлгай!

* * *

— Ҳар бир олаётган нафасида қалбини Аллоҳ таолога бағишловчи ва сўнгги нафасгача бу ҳолни давом эттирувчи киши ориф зотдир.

* * *

— Эй ориф! Бу дунёда вужудинг билан ва у дунёда қалбинг билан бўл!

* * *

— Маърифат — қалбнинг Аллоҳ таоло ягоналигини таҳқиқи (тасдиқ) этмоғидир.

* * *

— Кимеки қилаётган савобли ишларини кўз-кўз этгай, ул одам мунофиқ, риёкор (муройи)дур.

* * *

— Имони комил мўъмин молу давлатдан юз ўгиргай, рангин либослар, нозу неъматлар уни ўзига мафтун этмагай. Уларнинг барчасига ҳақорат кўзи билан қарагай.

* * *

Хожа Ориф хожагон (кейинчалик нақшбандия) таълимотининг ва ¬бошқа тариқат пирлари каби ¬инсоннинг маънавий-ахлоқий жиҳатларини мукаммал кўришни ¬истайди. Шу йўлда дунёвий истаклардан воз кечишни эмас, балки нафсни тийиш, дунё молига учмасликни бош мақсад қилган.

Бу фикримизни асарда келтирилган бир ривоят билан асослашга уринамиз: "Буюклардан бири Робияи Адвия Ҳасан Басрийнинг замондоши эди. Ул Ҳасан Басрийга уч нимарсани жўнатди: булар мум (шам), игна ва соч толаси эди. Аҳли ҳикмат бу воқеани ушмундоқ шарҳ қилур: мум каби мулойим бўл ва ўзинг ёниб-битиб оламни мунаввар айла. Ва игна каби ўзинг яланғоч қолиб бўлсада, ўзгаларни ки¬йинтир ва бир-бировларига пайванд эт! Ва Аллоҳ таолога олиб борувчи йўл худди соч толасидек нозик ва ингичкадир: тойиб йиқилишдан эҳтиёт бўл!".

Бу ибратли ҳикоят замирида яширинган маъно ва мақсад бугунги кун учун ҳам ниҳоятда долзарб бўлган камтаринлик, эл манфаати учун жонбозлик кўрсатиш ва эҳтиёткорлик фазилатларини тарбиялашдек вазифани уддалаши билан катта аҳамиятга эга.

Ушбу саҳифа "Бухоронома" мухбири Алишер ОБИДОВ томонидан тайёрланди.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.