Қоракўлнинг замонавий қиёфаси

Илгарилари ҳам бу туманда аҳоли турмуш фаровонлиги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. Аммо улар жорий йилдагидек кенг кўлам касб этмаган.

                Албатта, катта ўзгаришларнинг боиси бор. Бу — Президентимизнинг Қоракўл тумани марказини Мирзачўл тумани тажрибаси асосида обод этиш борасидаги кўрсатмаси билан боғлиқ. Унга асосан ишлаб чиқилган лойиҳага мувофиқ, ҳудудда йил бошларида умумий қиймати 200 миллиард сўмликдан зиёд 100 дан ортиқ ижтимоий- иқтисодий ва маданий- маъмурий объектларда қурилиш, таъмирлаш ҳамда реконструкция ишларига киришилди. Саъй-ҳаракатлар самарасида уларнинг аксарияти белгиланган муддатда, Мустақиллик арафасида фойдаланишга топширилди.

                Шу муносабат билан ўтказилган очилиш маросимларида республика юқори бошқарув органлари мутасаддилари, вилоят ҳокими Ў.Барноев раҳбарлигидаги воҳа бошқарма ва туман ва шаҳарлар ҳокимлари иштирок этдилар. Бу рамзий маънога эга. Нисбатан қисқа муддат мобайнида амалга оширилган ишлар тажрибаси ўрганишга лойиқ эди.

                 Хотира — муқаддас. Биз бугунги фаровон кунларга етишишимизда айниқса, юрт ҳимояси йўлида жонини ота-боболаримизнинг муносиб ўрни бор. Бу фикр туман марказида барпо этилган Хотира майдони очилиши маросимида таъкидланди. Мотамсаро Она ҳайкали теварагидаги лавҳаларда Иккинчи жаҳон урушида фашист босқинчиларига қарши аёвсиз жангларда шаҳид кетган қоракўллик минг- минглаб ўғлонларнинг исм-шарифлари битилган. Ёш авлодлар улар хотирасини унутмайди, юрт дахлсизлиги ва тинчлиги олдида ўзини бурчли деб билади.

        Меҳмонлар бунёдкорлик дастурига кирган тиббиёт коллежига ҳам ташриф буюрдилар. Ташкил этилганига 15 йил тўлган  мазкур ўрта махсус ўқув юрти ҳозирга қадар тайёрлаган тўрт ярим мингдан зиёд тиббиёт ходимлари даволаш-профиликтика муассасаларида меҳнат қиляпти. Аммо давр эндиликда манзилли тайёрланадиган мутахассислар сифатини яхшилашни тақозо этмоқда. Коллеж биносида лойиҳа -смета қиймати 16 миллиард сўмликдан зиёд мукаммал таъмирлаш  ва реконструкция ишлари амалга оширилгани ҳам шу билан боғлиқ.

               — Муассасамиз ўқувчилари янги ўқув йилида янада замонавий имкониятларга эга бўладилар, — дейди коллеж директори Азамат Ҳамроев. — Улар такомиллашган таълим жараёнига мос келадиган аудиторияларда ўқишади. Барча тизимда, жумладан, кутубхонамизда АКТлар кенг қўлланилади. Турли хил жарроҳлик амалиётларини ўрганиш жараёнлари амалга ошириладиган блокларда замонавий жиҳозлар ўрнатилади. Шундай тизим яратиладики, эндиликда битирувчиларимиз даволаш-профилактика муассасаларига муолажаларни бажаришда муайян бир кўникмага эга бўлган ҳолда боришади.

              Туманда янги ўқув йилига ҳам пухта тайёргарлик кўрилди. Қоракўл шаҳри марказидаги 1- ва 15- умумтаълим мактабларида жами 12,3 миллиард сўмликдан зиёд мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Улар таълимнинг илғор инновация янгиликларини жорий этиш учун кенг имкониятларга эга бўлди.

              Бунёдкорлик ишлари доирасида туман ички ишлар бўлимининг уч қаватли биноси жорий ва мукаммал таъмирланди. Осойишталик посбонларининг хизмат хоналарида қулайликлар яратилди. Профилактик тадбирларни ўтказиш шароитлари яхшиланди. Фақат бугуна эмас.м Жиноятларни тезкорлик билан аниқлашда қўл келадиган хизмат тизимларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Масалан,   криминалистика ва кинелогия, йўл ҳаракати хавфсизлиги сингари бўлимларнинг ташкилий ва техник имкониятлари кенгайди.

                           Қоракўлда байрам арафасида фойдаланишга топширилган объектлардан яна бири ҳақида сўзюритишга тўғри келади. Гап Ёшлар хиёбонида барпо этилган гўзал амфитеатр биноси хусусида.Умумий лойиҳа-смета қиймати 10 миллиард сўм бўлган мазкур иншоот ўз бағрига 1200 томошабинни сиғдира олади. Бу ерда улар учун барча шароитлар яратилган.

 — Амфитеатр — турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши учун қулай маскан, — дейди Ёшлар иттифоқи туман кенгаши мутахассиси Умид Бозорқулов. — Бу ерда ташкилотимиз ҳам ёшлар, жумладан уларнинг уюшмаган қисмини эзгу мақсад йўлида бирлаштирадиган, уларда дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган фестиваллар, очиқ мулоқотлар ҳам ўтказамиз.

     Амфитеатрнинг очилиши қувончли воқеа билан бир кунга тўғри келди. Бу ерда оқшомда туман турли соҳа пешқадамлари, фаоллар, жамоатчилик вакиллари иштирокида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Ҳ.Ғойиров қоракўлликларнинг юрт равнақи йўлида эришган ютуқлари билан янги марралар ҳақида гапирди. Демак, иқтисодий тараққиёт ва турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги лойиҳалар кўлами янада кенгаяди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *