Ўктам БАРНОЕВ: «БУ ФАХРИЙ УНВОН БАРЧАМИЗНИКИ…»

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллигида Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи» фахрий унвони билан мукофотланди. Вилоят раҳбари журналист билан суҳбатда ушбу фахрий унвон ортида барча бухороликларнинг заҳмати, меҳнати юқорилигини билдирди.

Журналист: Қадим Бухорода кечаётган улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳмиз. Йилдан-йилгамас, кундан-кунга ўзгараётган ўлка бугун дунё нигоҳида, десак адашмаган бўламиз. Барча соҳалардаги пешқадамлик ўлароқ, қурилиш соҳасида амалга оширилаётган жадал ишлардаги заҳматингиз натижаси ва самараси боис, бугун юксак мукофотга лойиқ топилдингиз. Демак, Сизни “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвони билан табриклашга ҳақлимиз. Шу нуқтайи-назардан, жорий йилнинг айни дамига қадар вилоятда қурилиш-бунёдкорлик соҳасида олиб борилган ишлар ва уларнинг натижаси билан ўртоқлашсангиз.

Ў.БАРНОЕВ: Биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган шу қутлуғ санада халқимиз қандай машаққатли ва айни вақтда шарафли йўлни босиб ўтганини яна бир бор чуқур ҳис этамиз. Мамлакатимиз тараққиётини янада юксак босқичга кўтариш мақсадида муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган улуғвор вазифаларни рўёбга чиқаришга қатъий киришганимиз биз учун янги уфқ ва имкониятлар очиб бермоқда.

Айни пайтда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари Бухоронинг энг чекка ҳудудларига ҳам янгиланиш нафасини, бунёдкорлик руҳини олиб кирмоқда. 

33 та қишлоқ ҳамда 6 та маҳаллада қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал давом этмоқда. Бу қурилиш-бунёдкорлик ишлари учун айни вақтга қадар 352,2 млрд. сўм маблағ сарфланди. Ички хўжалик автомобиль йўлларида 28,6 млрд сўмлик қайта қуриш ишлари олиб борилган бўлса, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 24,8 млрд.сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Куни кеча Бухоро шаҳрида уй-жойга муҳтож 420 та оилага мўлжалланган 10 та 7 қаватли турар жой фойдаланишга топширилди. Яна ана шундай 242 та уй-жойларнинг қурилиш ишлари ўз якунига етди. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишидаги ишларга эътибор қаратадиган бўлсак, 9,3 млрд, маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан вилоят кўз касалликлари шифохонаси учун 5,2 млрд сўм, вилоят тиббий диагностика маркази учун 4,4 млрд, қўшимча равишда 8,2 млрд, умумий ҳисобда 17,7 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 

Бюджет даромадларига 2019 йил I ярим йиллиги учун белгиланган 1 872,0 млрд сўм прогноз 114%га уддаланди. Шу жумладан, маҳаллий бюджет тушуми 221,5 млрд сўмга ортиғи билан бажарилди. Вилоятда 2019-2020 йилларга мўлжалланган ҳудудий инвестиция дастури доирасида жами 14,6 трлн. сўмлик 615 та лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ҳозирда        401 та лойиҳа бўйича тижорат банклари ва лойиҳа ташаббускорларининг 3 трлн. 712,2 млрд. сўмлик маблағлари ўзлаштирилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда 31 та нодавлат ва давлат хусусий шериклик шартлари асосида ҳамда 190 та оилавий мактабгача таълим муассасалари ташкил этилди. Инвестиция дастури асосида 45 та, “Обод қишлоқ” дастури асосида 11 та мактабгача таълим муассасасини янгидан қуриш ва 18 та мактабгача таълим муассасаларини реконстукция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Қоракўл туманида “Халқаро математика мактаби” ташкил этилгани Бухорода илм-фан қанчалик ривожланиб, ёшларимиз қўлга киритаётган ютуқлар салмоғи ошиб бораётганидан далолатдир. Биргина мисол. Жорий йил 5-6 август кунлари Жанубий Африка давлатининг Дурбан шаҳрида ўтказилган математика фани бўйича халқаро олипиадада бухоролик ёшлар қўлга киритган натижа истиқлолимизнинг 28 йиллик тўйига муносиб туҳфа бўлди. 

ЖУРНАЛИСТ: Ортда қолган йиллардаги имкониятлар билан солиштирганда, шубҳасиз, жорий йилда вилоят ёшларига қаратилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитларни кузатиб, “супер” даражага кўтарилди, дея оламиз. Айниқса, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги амаллар, ўзгаришлар диққатга молик. Демак, ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлар ҳамда бу борада ҳали бажарилиши муҳим бўлган жиҳатлар хусусида сўзлаб берсангиз.

Ў.БАРНОЕВ: Ёшлар ва уларнинг келажаги учун қанча имконият ва иқтисодий қудрат бўлса, уларнинг бугуни ва эртанги куни йўлида ямаслик лозим. Зеро, давлатимизнинг ҳам, миллатимизнинг ҳам давомчиси улар – эртанги кунимиз, суянчимиз. Бу шунчаки, баландпарвоз гаплар эмас. Вилоятда ёшларнинг бўш вақтининг унумли ўтиши, ўзи истаган касб-ҳунар ўрганиши, илм-фан тўгаракларга бориши, спорт-саломатлик билан шуғулланиши учун қамроқли ишлар амалга оширилаётганига барча бирдек гувоҳ. Ёшларнинг ҳар куни, ҳар дақиқасидан хабар олиб туриш, уларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш, ўз-ўзидан улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг содир этилмаслигига туртки бўлади. Айна шундай саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган йилгига нисбатан ёшлар жиноятчилиги 30,8%га камайган. Жумладан, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилгидан 46,8 фоизга камайган бўлса, 18-30 ёшдагилар ўртасидаги нисбат 421 тадан 366 тага, яъни 14,5 фоизга камайган. Бундай ёшларнинг 291 нафари билан якка тартибдаги профилактик ишлар олиб борилган бўлса,  137 нафари ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган. Бу эса жиноят содир этишда иштирок этганлар сонининг 53,8 фоизга камайишига туртки бўлди. Албатта, бу борада ҳали олинда бажарилиши лозим бўлган ишлар жуда кўп. Айниқса, келгусида оила бекаси, келажак авлод тарбияси саналган қизлар билан кенг қамровли ишлар олиб борилиши муҳим. Зеро, 18 ёшга тўлмаган қизлар ўртасида жиноят содир қилганлар сонининг 8 тага кўпайгани ташвишли ҳол. Ёшлар яратилаётган шароитларга мос равишда ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиши, бепарволик ва лоқайдликка йўл қўймаслиги керак. Айрим бузғунчи кучларнинг қутқига учмаслиги лозим.

ЖУРНАЛИСТ: Муҳтарам Президентимиз ўз нутқидан бирида Сизнинг етакчилигингизда Бухоро ва бухороликларнинг бир бутун команда сифатида бирлашиб, шиддат билан фаолият юритаётгани ҳақида тўлқинланиб сўзлаган эди. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвони нафақат, Сиз, балки, Сизга ишонган ва суянган шу халқингизга берилган ишонч ва яна зиммага юкланган улкан масъулиятдир. Айтиш ўринлики, бугунги ахборот асрида халқ билан, омма билан ҳамқадам, ҳамжиҳат бўлиб ишлаш – осон эмас. Лекин Сиз шу натижага эриша олдингиз! Қаердан куч оласиз? Сири борми?

Ў.БАРНОЕВ: Сўнгги уч йил ичида Бухоро ва бухороликлар ҳаётида туб ўзгаришлар, мисли кўрилмаган янгиланишлар яратиш учун барчамиз бирдек ҳаракат қилдик. Қайсидир соҳада кенг миқёсда туб бурилиш ясашни мақсад қилсам, бир ўзиммас, ҳар соҳада ишониб қўйилган ёш мутасаддилару мутахассислар билан ўртоқлашаман. Ҳар бирининг фикри, ташаббусини ўрганаман. Яширишга ҳожат йўқ, мен кўпроқ халққа ишонаман, уларни тинглайман, таклифларини, албатта, инобатга оламан. Ҳатто, кекса отахонлар, ишбилармон фахрийлар олдига ўзим бориб, уларнинг маслаҳатини олишдан чарчамайман. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвони ҳақиқатан, меники эмас, сиз айтмоқчи, ўзим суянган шу бухороликларники, қаторда туриб, бир тану бир жон бўлганларнинг заҳматли меҳнати эвази, деб биламан. Уларсиз мен ҳеч нарсага эриша олмас эдим. Кучни ҳам, ғайратни ҳам, матонатни ҳам мен шу ўлканинг халқидан, ишончидан оламан. Бунинг сири шунда (кулиб).

ЖУРНАЛИСТ:Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан тилакларингиз?

Ў.БАРНОЕВ: Бугунги давр — барчамиздан янгича фикрлашни ва креатив иш юритишни талаб этмоқда. Айниқса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тамомила янгича ёндашув асосида, уйма-уй юриб халқ билан мулоқот қилишга киришганимиз бизни шу халққа, ҳар бир фуқарога яқин қилди. Йиллар давомида тўпланиб қолган кўплаб долзарб масалалар ўз ечимини топа бошлади. Бу эса одамларда яшаш тарзининг янгича қиёфасини кашф этишда туртки бўлди.

Шуниси қувонарлики, бугун замон билан ҳамнафас тарзда вилоят ҳаётининг барча жабҳаларида барқарор ўсишга эришилаётгани, ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик асосида дунё халқлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилиб, тараққиёт пиллапояларидан дадил одимлаётганимиз натижаси эканлигини кўрсатиб турибди. Истардимки, истиқлол нашидаси, байрам сурури янада юксак натижалар, яхши ниятлар, эзгуликлар сари ундайверсин. Доимо хонадонингиздан қут-барака, қалбингиздан қувонч, юзингиздан табассум аримасин. Сиз ижодкорлару журналистларнинг ҳам ишларингизда зафарлар тилайман. Мустақиллигимиз абадий бўлсин! 

— Суҳбат учун ташаккур. Шу куч, шу ғайрат доимий ҳамроҳингиз бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *