Хожа Ориф Ревгарий зиёратгоҳи қайта чирой очди

Она Бухорони шарифлик мартабасига муяссар этган улуғлардан бири, “Етти Пир” силсиласига олтин ҳалқа бўлиб кирган Хожа Ориф Моҳитобон абадий қўним топган Шофиркон тумани айни кунларда алломанинг илму ҳикмат нурининг беқиёс файзу шукуҳидан янада мунаввар.

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 29-30 март кунлари вилоятимизга ташрифи давомида “Етти Пир” зиёратгоҳларини ободонлаштириш бўйича берган тавсия ва кўрсатмаларидан келиб чиқиб зиёратгоҳда улкан қурилиш ишлари олиб борилди ва у тубдан янгиланди. Умумий қиймати 15 миллиард сўмга тенг бунёдкорлик юмушлари бажарилди. Чунончи, майдони қарийб
6 гектар ҳудудда мақбара-ҳазрат даҳмаси, бир вақтда 500 нафар намозхонни сиғдирувчи масжид, таҳоратхона, музей, 17,6 метрли минора, кенг, муҳташам айвонлар, мажмуа дарвозаси ва 80 ўринли замонавий “Пойкент” меҳмонхонаси барпо этилди. Улуғ авлиёнинг зиёратига келувчилар сони кунига 2 мингдан ошгани ана шу саъй-ҳаракатлар самараси десак, муболаға эмас.

Мамлакатимиз Мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида Хожа Ориф Моҳитобон зиёратгоҳининг очилиш маросими ташкил қилингани вилоят жамоатчилиги учун катта тантанага айланди. Мутасаддилар, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари, “Нуроний”, “Маҳалла” хайрия жамоат фондлари, ташкилотлар, идора ва корхоналар раҳбарлари, кенг жамоатчилик иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими Ўктам Барноев қатнашди.

Дастлаб марҳумлар руҳига Қуръон тиловат қилинди.

-Зиёратгоҳ мажмуининг замонавий қиёфада чирой очишида беминнат ҳиссаларини қўшган қатор ташкилотлар, меҳнат жамоалари, “Моҳитобон обод қурилиш” МЧЖ бунёдкорларига самимий миннатдорлигимизни билдирамиз,-деди тантанада сўз олган вилоят раҳбари.

-Қарийб 9 асрлик тарихга эга бу муҳташам обида, улуғ Пир ҳазратлари қўним топган муқаддас қадамжо юртимизнинг нафақат сайёҳлик-зиёрат туризми, балки мусулмон олами, юртдошларимизнинг чин маънода имон-эътиқод масканларидан бирига айланишига ишонамиз.

Тадбирга йиғилганлар бу ердаги ҳар бир обида, миллий архитектура асосида қад ростлаган мажмуа билан яқиндан танишдилар.

Музейдан ўрин олган қадимий қўлёзмалар, ўша давр осори-атиқалари, қолаверса, бу ерга ташриф буюрувчи зиёратчилар учун яратилган шарт-шароит, “Пойкент” меҳмонхонасидаги қулайликлар ҳам уларни бефарқ қолдирмади.

Шундан сўнг дастурхон ёзилиб, даврага ош тортилди. Осмонимиз мусаффолиги, юртимиз тинчлик-осойишталиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилинди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *