ТАДБИРКОРЛИК МАРКАЗИ — ХОТИН – ҚИЗЛАРГА ҚЎЛ — ҚАНОТ

Шофирконлик Хосият Абдуллаева ўзининг тикув цехи иш самарадорлигини оширишда қулай имкониятга эга бўлди. Бу ҳақда кейинроқ…

      Хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, турмуш фаровонлигини яхшилашга кўмаклашиш долзарб вазифалардан. Бу борада улар бандлигини таъминлаш, қолаверса, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш ҳам алоҳида ўрин эгаллайди.

      Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 7 мартда қабул қилинган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам мазкур йўналишда  қатор вазифалар белгилаб берилган. Ушбу қарорга мувофиқ, жойларда, жумладан, Бухоро вилоятида ҳам нодавлат нотижорат ташкилоти — Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ташкил этилди.

  — Бизнес инкубатор шаклида фаолият юритадиган Марказимиз олдига хотин-қизларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда иштирокини янада фаоллаштириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш каби қатор вазифалар қўйилган, — дейди марказ директори Наргиза Латипова. —  Кўриниб турибдики, ишлар кўлами жуда кенг. Бу эса  масалага мажмуавий ёндашишни талаб этади. Иборани оддий тилда тушунтирадиган бўлсак, биз, ишбилармонлик фаолиятини бошлаётган хотин-қизларга бошланғич тадбиркорлик билимларини бериш баробарида уларнинг ишга киришишда  имтиёзли кредитлар олишида ҳамда бандлик муаммолари ечимида амалий ёрдам ҳам кўрсатамиз.

          Ишбилармон ўз соҳасининг барча икир-чикирларини билиши керак. Бунда бўшлиқ бўлмаслиги лозим. Шунинг учун ҳам марказда банк, статистика,  солиқ, божхона ходимлари томонидан махсус дастур асосида олиб бориладиган ҳафталик ўқув машғулотларида бу масалага катта эътибор қаратилаётир. Соҳанинг тажрибали вакиллари  тингловчиларга бизнес-режа тузиш, банк кредити олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш, бухгалтерия ҳисоб-китобларини, солиқ тўловларини амалга ошириш,  экспорт ва импорт амалиётлари бўйича билим ва тушунчаларини электрон доскада АКТлардан фойдаланган ҳолда ўргатишади.

          Ўқувга жалб қилинган хотин-қизларнинг олган билим ва кўникмалари нафақат савол-жавоблар, балки амалий машғулотлар орқали ҳам синовдан ўтказилади. Якунда 60 ва ундан юқори баллга эга бўлган тингловчиларга сертификат топширилади. Бу ҳужжатнинг нима аҳамияти бор, дерсиз? Гап шундаки, сертификатга эга бўлганлар ўз бизнес лойиҳаларини Республика Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан тижорат банклари томонидан бериладиган имтиёзли, яъни йиллик 8 фоизли кредитлар ҳисобига амалга оширишади.

         Айтганча, сертификатга эга бўлмаганлар ҳам марказ эътиборидан четда қолмайди. Улар ўз иқтидорига мос келадиган йўналишда қайта ўқитилади.

         Таъкидлаш керак, марказ республика Ҳукуматининг 2019 йил 14 июнда қабул қилинган “Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашда ҳам ўз ўрнини топаётир.

         Дарвоқе, марказ ўқув машғулотлари олисда яшаётганлар учун қулай бўлиши назарда тутилиб, Бухоро шаҳридан ташқари, аниқ жадвал асосида вилоятнинг барча ҳудудларида ҳам ташкил этилмоқда. Ўтган нисбатан қисқа давр мобайнида Марказ томонидан 369 нафар аёл тадбиркорлик йўналишида ўқитилди. Уларнинг 252 нафарига юқорида тилга олинган фонд маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлар берилди. Бу эса  ҳар бир тадбиркорга 3 нафардан 50 нафаргача ишчи ўрни яратишда қўл келди.

              — Биз, тадбиркорларнинг саъй-ҳаракатлари ҳар томонлама қўллаб- қувватланмоқда, — дейди Шофиркон туманилик ишбилармон аёл Хосият Абдуллаева. — Мен буни ўз тажрибам мисолида ҳис этаяпман. “Ҳар бир оила тадбиркор” дастурига мувофиқ, тижорат банкидан ажратилган 18,3 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ҳисобига 6 та замонавий тикув машинаси олиб, “Хосият” тикув цехи ташкил этган эдим. Фаолиятимини кенгайтириш ва тикиладиган кийим-кечаклар сифатини яхшилаш ҳамда ишчиларимизга янада қулайлик яратиш мақсадида вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази кўмагида республика Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондидан тижорат банклари орқали ажратилган маблағлар ҳисобидан 29,7 миллион сўм кредит олдим. Унга 4 тикув машинаси ва хориждан юқори аниқликда бичим оладиган “parovoy maniken”ларни харид қилдик. Ҳозир цехимизда чекка қишлоқларда яшовчи 10 нафар қиз иш билан таъминлаган.

Когон шаҳридан Дилсора Ибрагимова ҳам ўттиз миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит олиб, “Бегойим” хусусий корхонасидашифобахш гиёҳлар ёрдамида аёлларни турли касалликлардан фориғ қилишга ёрдам берадиган фитобочка хизматини йўлга қўйди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

           Шунингдек, Марказ 97 нафар ишбилармон хотин-қизга минитехнологияларни харид қилиш ҳисобига ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини кенгайтириш учун “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатди.

       Марказда тадбиркорлик фаолиятини бошлаган хотин-қизларнинг ҳам яқин мададкорига айланмоқда. Уларга жахон стандартлари асосида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чикариш, бозорни тўғри танлай билиш, махсулот сифатини яхшилашда маркетинг сабокларини олишяпти.

 Яна бир муҳим жиҳатни таъкидлаш жоиз. Марказнинг хотин-қизларни касбга ўқитишда қатор давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари ҳам эътиборга молик. Хусусан, унинг ташаббусига кўра, 180 нафардан зиёд хотин-қизлар касбга тайёрлаш икки ойлик ўқув курсларига жалб этилиб, тикувчиликни ўрганди. Уларга вилоят Бандлик Бош бошқармаси ва унинг туман ҳамда шаҳарлардаги аҳоли бандлигига кўмаклашувчи марказларининг жамғарма маблағлари ҳисобига стипендия ва ўқитишга жалб қилинган усталарга эса иш ҳақи тўланди. Бу хотин-қизлар Қоракўл ва Пешкў туманларида янги ташкил қилинган ҳамда замонавий инновацион тикув машиналари билан жиҳозланган йирик тикувчилик цехларида меҳнат қилишяпти.

Марказ раҳбарияти тузилманинг хизмат доирасини кенгайтиришнинг янги режалар устида ишлаяпти. Масалан, яқин истиқболда ёш тадбиркорларни хорижда малакасини ошириш кўзда тутилмоқда.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *