Муваффақиятлар маликасига айланди

– Илк бор 5-синфда инглиз тили дарсларида қатнашар эканман, қалбимда бу фанга муҳаббат уйғонган. Инглиз тили билан боғлиқ бирор касбни танлашим лозимлигини дил-дилдан ҳис этганман, – дейди Бухоро давлат университети ўқитувчиси Зарнигор Жалилова.

У мана шу мақсадига эришиш учун мактабда аъло баҳоларда ўқиди, 9-синфни битиргач, университет қошидаги академик лицейга ўқишга кирди. Ҳам гуруҳ раҳбари, ҳам инглиз тили ўқитувчиси Дилдора Ашуровадан сабоқ олар экан, унинг касбга фидойилик, талабчанлик, зукколик, меҳнаткашликсингари фазилатлари Зарнигорнинг қалбидаги асли отакасби бўлган ўқитувчиликка ҳурмат ва муҳаббатни янада жонлантирди. Устозидек муаллима бўлишга аҳд қилди. Шу мақсади йўлида дарсларни қунт билан ўзлаштирди, қийинчиликларни енгиб ўтди.

Меҳнат қилган одам албатта қадр топишини у илк марта академик лицейнинг иккинчи босқичида ўқиб юрган кезлари Университет стипендианти бўлганида ҳис этди. Шу эътибор уни янги марралар сари илҳомлантирди. Янада яхшироқ ўқишга, ўзига кўрсатилган эътибор ва билдирилган ишончни оқлашга, устозларининг юзини ёруғ қилишга, бунинг учун олий таълим муассасасига давлат гранти асосида ўқишга киришга маҳкам бел боғлади.

2006 йилдабу орзусига эришганиунинг учун бўлажак касбий фаолиятидаги илк унутилмас ғалаба бўлди. Энди у ҳам устоз деган шарафли номга сазовор бўлади.

– Бўлажак хорижий тил фани ўқитувчиси учун тили ўрганилаётган мамлакатларда таҳсил олиш муҳим шартлардан бири, – дейди З.Жалилова. – Шу боис, ўқиш даврида турли грантларда иштирок эта бошладим. 2008-2009 ўқув йилида менга омад кулиб боқди. Global UGRAD дастури асосида грант ғолиби бўлиб, бир йил Америка Қўшма Штатларининг Трой университетида таҳсил олиш имкониятини қўлга киритдим. Қўшма штатларда ўқиш тил кўникмаларимни оширишга хизмат қилибгина қолмай, ўз соҳам бўйича чуқур билим эгаллашим ва ривожланган мамлакат тажрибасини ўрганишимда ҳам мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди.

АҚШдан қайтгач, университетда таҳсилни давом эттирдим ва 2011 йил бакалавр босқичини аъло баҳоларда якунлаб, илк фаолиятини Ғиждувон туманидаги 62-ИДУМИда инглиз тили фани ўқитувчиси сифатида бошладим. Бу мактаб хорижий тилларга ихтисослаштирилган бўлиб, асосан француз тили чуқурлаштириб ўргатилар эди. Таълим муассасаси раҳбарияти ташаббуси билан дарс жадвалларига инглиз тили фани ҳам киритилди. Фақат мактаб тасарруфидаги соатлар ҳисобидан ҳафтасига атиги бир соатгина дарс ўтардим. Ўқувчиларимнинг фанимга қизиқиши мени ўз устимда янада кўпроқ ишлашга ундарди.

Йил сайин жонкуяр устознинг ўқувчилари турли танловларда муваффақият қозана бошладилар. Ислом Салимов 2014 йил Билимлар беллашувининг вилоят босқичида иккинчи, 2015 йилда эса биринчи ўринни эгаллаб, республика босқичида муваффақиятли иштирок этди. Худди шу йили Озода Мирбобоева Билимлар беллашувининг вилоят босқчида иккинчи ўринни эгаллади. Бошқа кўплаб ўқувчилари ҳам фахрли ўринларни қўлга киритдилар.

Унинг айтишича, чин юракдан меҳнат қилсангиз, кун келиб шу меҳнатлар сизни муносиб рағбат сари етаклайди.

Дарвоқе, Зарнигор ҳам меҳнатлари мукофотини ола бошлади. 2015 йилда “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида 1-ўринни қўлга киритди ва “Ўзбекистоннинг энг яхши инглиз тили фани ўқитувчиси” деган эътирофга сазовор бўлди. Шу рағбат натижаси ўлароқ 2016 йилдаунга Англиянинг StMark and St John университетида икки ҳафталик малака ошириш курсларида қатнашиш имконияти тақдим этилди.

2015-2017 йиллар давомида Зарнигор БухДУнинг инглиз тилшунослиги йўналишида магистратура босқичида таҳсил олди. 2018 йил университетнинг инглиз тили ва адабиёти кафедрасида иш бошлади. Изланишлари, ўқиб- ўрганишлари самараси ўлароқ 2019 йил “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан эълон қилинган танловда иштирок этиб, юзлаб ўқитувчилар ичидан энг муносиблари сафида навбатдаги муваффақиятга эришди. Шу асосда жорий йили Англиянинг Norwich тил ўқитиш институтида билим ва малакасини ошириб қайтди.

Зарнигорнинг тавсияномасини кўздан кечирсангиз, ҳаётида муваффақият қозонмаган бирор йил йўқдек гўё. Бунга онаси Фотима опанинг уни болалигидан эркалаб, сен маликасан, қизим, лекин қайси соҳада маликага айланишингни ўзинг ҳал қиласан, деб руҳлантиргани сабаб бўлса керак. Дарҳақиқат, у ўзидан, таъбир жоиз бўлса, муваффақиятлар маликасини ярата олди.

Зарнигор Жалилова бугун шириндан-шакар икки фарзанднинг онаси, тўкис оиланинг суюкли аёли, пазанда бекаси ҳамдир.

Унинг келгусидаги фаолиятига улкан парвозлар, янгидан янги муваффақиятлар тилаймиз. Зеро, у сингари ўқитувчилар бор экан, келажак авлод таълим тарбияси ишончли қўлларда эканлигига ишончимиз ортаверади.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *