Мавсумий касалликлар ва соғлом турмуш тарзи

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотга кўра, саломатлигимизнинг 55 фоизи кечираётган турмуш тарзимизга, 18 фоизи ирсий касалликларга, 17 фоизи экологик вазиятга, 10 фоизи эса тиббиёт ходимларининг ёрдам кўрсатишларига боғлиқ. Бундан кўриниб турибдики, инсоннинг соғлиғи кўп жиҳатдан унинг ўзига боғлиқ. Бунинг учун у ўз ҳаётини оқилона йўлга қўйиши, ҳар қандай касалликни олдини олиш учун соғлом ҳаёт тарзи ва турмуш маданияти талабларига амал қилиб яшаши лозим. Соғлом бўлиш учун киши соғлиқ хақидаги билимлардан хабардор бўлиши ва унга риоя қилиши керак. Айниқса, бунга инсон ёшликдан ўрганса ва одатланса, мақсадга мувофиқдир.

Агар ёшларимиз шахсий ва жамоат гигиенаси қоидаларига амал қилмаса, уларнинг жисмонан заиф бўлиб қолишига, кўпгина касалликлар, жумладан, бир ўқувчидан иккинчисига осонликча ўтадиган юқумли касалликларнинг ривожланишига олиб келади. Бу, ўз навбатида, дарсларни ўзлаштиришнинг пасайиб кетишига, ақлий ва жисмоний иш қобилиятининг сусайишига сабаб бўлади. Қуйидаги ана шундай касалликларнинг айримлари ва даво чоралари хусусида маълумот берамиз.

Грипп

Грипп ўткир юқумли вирусли касаллик бўлиб, фақат бемор одам касаллик манбаи ҳисобланади. Касаллик, асосан, ҳаво томчи йўли орқали, йўталганда, аксирганда, умумий идиш ва гигиена воситаларидан фойдаланилганда юқади.

Умумий транспорт воситалари ва бошқа жамоат (мактаб, боғча, кино ва концерт заллари) жойларида касалликнинг юқиш хавфи юқори бўлади.

Беморда қуйидаги касаллик белгилари: томоқ оғриши, бурун битиши, аксириш, йўталиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, бутун танада оғриқ бўлиши кузатилади.

Касаллик юқмаслиги учун хонани тез-тез шамоллатиб туриш, исириқ тутатиш лозим. Ҳар 4 соатда ниқобни алмаштириб туриш, эрталаб ва кечқурун бурун ва томоқни 2 % чой содаси билан чайиб, бурун ичига оксолин мазини суртиб туриш керак. Бадантарбия билан мунтазам шуғулланиш, витаминларга бой мева ва сабзавотлардан кўпроқ истеьмол қилиш, қўлларни тез-тез совунлаб ювиб туриш ҳам гриппдан сақланишнинг омили ҳисобланади.

Шифокор келгунга қадар беморни алоҳида хонага ётқизиш, зудлик билан беморга ва оиланинг бошқа аъзоларига дока ниқоб тақиш, беморга лимонли, наъматакли чой, мева шарбатлари, оддий кайнатилган сув ичириб туриш лозим. Хона поллари, эшик ва дераза тутқичлари, токчаларни нам латта билан артиш, хоналарини тез-тез шамоллатиб туриш шарт.

Тўғри ташкил қилинган иш ва кун тартиби баданни чарчаш ва толиқишдан сақлайди, асаблар мустаҳкамлигини таъминлайди ҳамда тананинг касалликларга қарши кураш қобилиятини оширади.

Вирусли гепатит

Вирусли гепатит – ўткир юқумли касаллик бўлиб, бунда жигар ҳужайралари жароҳатланади. Касалликни кўзга кўринмайдиган вируслар тарқатади. Вируслар беморнинг қони, ахлати, сийдиги, сўлаги, қусуғи орқали ташқарига чиқади. Вирус ташқи муҳитга жуда чидамли. У идишларда, ўйинчоқларда, сувда, озиқ-овқатда узоқ вақт сақланади. Соғлом одамга оғиз орқали вирус билан зарарланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш оқибатида юқади. Касалликка овқатланишдан олдин қўлларни совунлаб ювмаслик, мева-сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиш, қайнатилмаган сувни ичиш, туриб қолган кўлмак сувларда чўмилиш ҳамда пашшалар сабаб бўлади. Шунинг учун бу касаллик ифлос қўл касаллиги деб аталади.

Агар сизда дармон қуриши, уйқучанлик, иштаҳанинг йўқолиши, кўнгилнинг айниб туриши, овқатлангандан кейин қусиш, ҳароратнинг кўтарилиши, сийдикнинг қизариши, кўз оқи, тирноқ ва терининг сарғайиши кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *