ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИЛК ЙИРИК ШАМОЛ ЭЛЕКТРСТАНЦИЯСИ ҒИЖДУВОНДА БАРПО ЭТИЛМОҚДА

Мазкур лойиҳага жорий йил март ойи охирларида Бухорода бўлиб ўтган “Бухара инвестмент форум — 2019” халқаро анжуманида Хитой Халқ Республикасининг “Лиаонин лидер”инвестиция -холдинг корпорацияси Президенти Чжан Юйлян ва вилоят ҳокимлиги ўртасида имзоланган меморандум асос бўлди.

Куни-кеча Ғиждувон тумани Қутчи яйлов массиви ҳудудида  қиймати 1, 8 миллиард АҚШ долларига тенг шамол электрстанциясининг  500 мегават(МВт) қувватгга эга биринчи навбатини барпо этиш лойиҳаси доирасида улкан иншоотнинг шамол тезлигини ўлчаш қурилма(мачта)ларини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

            Унда вилоят ҳокими Ў.Барноев ва хорижий корпорация президенти Чжан Юйлян ҳамда бошқалар сўзга чиқди.

              Таъкидландики, Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси Президентлари раҳнамолигида икки мамлакат ўртасидаги кўптомонлама, жумладан, иқтисодий муносабатлар мустаҳкамланиб бораётир. Бунда ҳамкор давлатда қарор топган “Бир макон — бир йўл” тамойили асосида йўлга қўйилган ҳамкорлик ҳам муҳим омил ҳисобланади. Қолаверса, юртимизда қулай инвестиция муҳити яратилгани хитойлик инвесторларнинг Ўзбекистондаги турли истиқболли лойиҳаларга тўғридан -тўғри сармоя киритишга бўлган қизиқишини тобора кучайтиряпти.

Республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти кўп жиҳатдан электр энергияси барқарор таъминотига ҳам боғлиқдир. Бунда қайта тикланувчи энергия ресурсларидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, умумий қуввати 1500 мегаватли шамол электрстанциясининг қурилиши янги энергетика даврига қадам қўйган Ўзбекистон Республикасининг анъанавий энергетика тизимини ўзгартиришини англатади, деб таъкидланди маросимда.

Туманда йирик лойиҳани амалга оширадиган “Лиаонинг Лидер Гиждуван Вайд Энержи” хорижий корхонаси ташкил этилган бўлиб, унга 6 минг гектар ер майдони биркитилган. Танланган ҳудуд релеьфи шамол барқарор эсиши жиҳатдан мақбул деб ҳисобланмоқда.

Шамол тезлигини ўлчаш қурилмалари баландлиги 120 метрга тенг. Ўрганишлар ниҳоясига етиши билан ана шу баландликда лойиҳанинг биринчи навбат босқичида ҳар қайсисига 35 метр ўлчамдаги учтадан йирик паррак ўрнатиладиган неча ўнлабмачта-қурилмалар қурилади.

               Шамол электрстанциясининг лойиҳа қиймати 240 миллион АҚШ долларига эга дастлабки навбати 2020 йилининг кузида ишга туширилиши кўзда тутилмоқда. У нафақат Ғиждувон, балки бошқа қатор туманларини  электр энергияси билан барқарор таъминлайди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *