“Блогерлар мутахассис бўлишлари учун журналистика мактабида, албатта, ўқишлари керак!”

Бугунги дунё — ахборот дунёси. Ўзгача ҳаёт тарзи, тезкор ва шиддатли вақт оқими қандай ўтаётганини билмай ҳам қоляпмиз. Бундан ўттиз-қирқ йил аввал одамлар ҳаётини газета-журналларсиз, радио ва телевизорсиз тасаввур қила олмасди. Тонг саҳардан “Матбуот дўкон”лари олди муштарийлар билан тирбанд бўларди. Ўзимиз-чи, газетада масъул лавозимда ишласак-да, дам олиш кунлари ўша “киоск”га қараб чопардик.

Энди… Ҳаёт тамоман ўзгарди. “Матбуот дўкон”лари олдида одамларни кўрмайсиз ҳисоби. Бекат ва хиёбонлардаги ўриндиқларда, автобус ва метроларда газета ўқиётган ёки қўлида газета ва журнал ушлаган инсонни учратмайсиз. Нега? Нима бўлди? Инсонлар ҳаётга бефарқ бўлиб қолдими? Ёки босма нашрларда одамларни қизиқтирадиган, дунёқарашини, тафаккурини бойитадиган мақолалар чоп этилмаяптими?!

Ахир, ўша йиллар ўзим ҳам газеталарни “Эрталабки маънавий нонушта” деб атагандим. Бу тасаввур балки ўша давр учун тўғридир. Газеталар ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида халқнинг чинакам маслаҳатгўйи, энг яқин дўсти ва ахборот манбаига айланганди. Айниқса, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Тошкент оқшоми”, “Ёшлик”, “Ёш куч”, “Шарқ юлдузи”, “Фан ва турмуш” каби нашрларнинг ёш авлод, қолаверса, кенг омма онгини шакллантиришдаги ўрни ўзгача бўлган. Улар мустақилликнинг ҳақиқий жарчилари эди. Уларда тезкор хабарлар, жўшқин репортажлар, ўша замон қаҳрамонлари ҳақида лавҳа ва очерклар, ҳаётдаги муаммоларни қамраб олган танқидий ва таҳлилий мақолалар, фельетонлар бериб бориларди. Босма нашрлар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олганди. Республикадаги бирорта янгилик ва воқеа эътибордан четда қолмасди. Уларда чоп этилаётган мақолалар ҳамманинг — оддий фуқародан тортиб, энг катта раҳбарларнинг ҳам диққат-эътиборида эди. Танқидга учраган одам ёки ташкилотга осон бўлмасди. Чунки танқидлар таг-заминан, ҳар томонлама асосланган бўларди. Бош муҳаррирдан тортиб оддий мухбиргача газетачилик масъулиятини чуқур ҳис қилишарди. Айниқса, бош муҳаррирлар газетасида бирор муаммо кўтариб чиқилган мақола чоп этилган бўлса, шу куни тушгача ўзларини қўярга жой тополмасди.

Айтишларича, ўша даврда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаган таниқли адиб Одил Ёқубов ишдан кетаётганида: “Мен беш йил оловнинг устида ўтириб ишлаётгандай ҳис қилдим ўзимни”, деган экан.

Энди-чи? Газеталаримиз, умуман, матбуот нега бир аҳволга тушиб қолди. “Олов” эмас, ҳатто бир чўғдай ҳам нафи бўлмаяптими? Бундай турғунлик, бефарқлик, карахт ҳолат бир кунда ёки бир йилда пайдо бўлгани йўқ. У ўтган йиллар давомида юзага келди. Аввалдан қотиб қолган ички цензура ҳукмронлик қилди. Бу ҳолат айрим нуфузли нашрларда ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда. “Газета нашр қилинса бўлди”, деган фикр таҳририят раҳбарлари миясига ўрнашиб қолган. Муштарий мутолаа қиладими, йўқми ҳеч ким қизиқмаётгандек гўё. Газеталарни обуначиларга етказиш тизими издан чиққан.

Авваллари барча марказий нашрлар республиканинг энг узоқ манзилларига ҳам тушгача етказиб берилган бўлса, кейинчалик уларни обуначиларга ҳафталаб кечиктирилган ҳолда олиб бориш ҳолатлари юз бера бошлади. Бундай салбий ҳолатларнинг келиб чиқиши чуқур таҳлил этилмади, таҳририятлар ҳам бефарқ бўлишди. Шу тарзда нашрлар йиллар давомида ўз обрўсини йўқота бориб, жамиятдаги мавқеини энг паст даражага тушириб қўйди.

Айниқса, жорий йилнинг бошига келиб, мамлакатимизда газета ва журналларнинг адади ачинарли аҳволга тушди.

Ахборот майдонида ҳеч қачон бўш ўрин топилмайди. Қайси бир ҳудудда ахборот тарқатишда сусткашликка йўл қўйилса, ўша ҳудудни бошқа бир ахборот воситаси эгаллаб олади. Бизда ҳам шундай бўлди. Ахборот тарқатишда сусткашликка йўл қўйган газеталар, ҳатто радио ва телевидиниени доғда қолдирган интернет сайтлари, блогерлар пайдо бўлди.

Улар ахборот оламини шундай яшин тезлигида эгаллаб олдики, бир зумда ҳамманинг назарини ўзларига жалб қилишди.

Аввалига кўпчилик (жумладан, ўзим ҳам Ж.Р.) блогерларнинг фаолиятига қизиқмадим. Уларни “ўйинқароқ болалар-да”, бироз вақт ўтгач, қуйилиб қолишади, деб ўйладим. Лекин улар “қуйилиб” қолишмади. Ахборот майдонига беҳуда чиқишмаганини амалда исботлай бошлашди. Қотиб қолган раҳбарларнинг бошқарув иш услубларини, ноқонуний ҳаракатлари, мансабдор шахсларнинг маънавий қиёфасини, эскича ишлаб бўлмаслигини ошкора фош эта бошлашди. Блогерлар (ҳаммаси ҳам эмас Ж.Р.) давлатимиз раҳбарининг жамият бошқарувидаги дадил ислоҳотларига, қарору фармонларига биринчилар қаторида “лаббай” деб жавоб беришди.

Ҳозир уларнинг чиқишларини интернет тармоқлари орқали мунтазам кузатиб боряпман. Ҳайратим ошмоқда. Хато-камчиликлари, шошма-шошарликлари кўп, аммо ҳаракатлари дадил, ўзига хос. “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари”нинг байрам кунида бир гуруҳ блогерларнинг ҳам давлат мукофотлари билан тақдирланиши эса кўпчиликнинг уларга бўлган қарашини ўзгартирди.

Таниқли журналист ва олим Беруний Алимовнинг қуйидаги сўзлари фикримни тасдиқлади: “Блогер, ҳалолинг бўлсин! Блогерни “тез ёрдам” машинасига менгзайман. Журналист эса дипломли жарроҳ. Тан оламан профессионал журналист сифатида, аввалига уларни жиним суймаган. Лекин кейинчалик фикрим ўзгарди. Чунки улар жамиятга кераклигини исботлашди”.

Хўш, блогер ким? Улар ҳақида маълумот олиш учун ўзимизда нашр қилинган “Ўзбекистон энциклопедия”сини, луғатларни ва бошқа китобларни варақладим. Афсуски, ҳеч нима топа олмадим. Ахири, яна интернетга мурожаат қилишимга тўғри келди. У ерда қуйидаги таърифларни ўқидим: “Блог” сўзи инглизча бўлиб, у воқеа-ҳодисаларни қайд этувчи интернет-журнал, интернет-кундалик, онлайн-кундалик каби веб-сайтларни англатар экан.

Блог термини илк бор Йорном Баргер томонидан 1997 йил 17 декабрда тилга олинган. Аммо уни Питер Мерхольц 1999 йилнинг баҳорида “Peterme.com” блогида ҳазил аралаш амалда қўллаган. Эван Уильямс эса “Pura labs” сайтида “Блогер” терминини ишлата бошлаган. Айнан “Pura labs”да “Blogger.com” дунёга келган.

Блогерлар ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Лекин улар ва уларнинг ишлари матбуотнинг, оммавий ахборот воситаларининг ўрнини боса оладими?! Бу борада жаҳон ОАВ мутахассислари ўртасида ҳали ҳам бир фикрга келингани йўқ. Баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Лекин баҳс-мунозаралар ўз йўлига, бизда улар аллақачон қисман ўз йўналишини эгаллаб бўлишди.

Соҳада тажриба тўплаган бир журналист сифатида блогерларнинг фаолиятини кўриб, таҳлил қилиб, қуйидаги фикрларни билдирмоқчиман.

Биринчидан, блогер у-бу воқеа ва ҳодисани видеога олиб ёки оддий сўзлар билан ёзиб кенг оммага тарқатадиган шахс, у мутахассис эмас. Блогер мукаммал операторлик маҳоратига эга бўлиши, бўлар-бўлмас тасвирларни видеога туширавермаслиги, оддий ҳаётий этикага риоя қилиши керак. Айтилаётган ёки ёзилаётган ҳар бир сўз, жумла учун жавобгарликни ҳис қилиши лозим. Шошма-шошарлик, бетгачопарлик, бирёқламалик, ноқонуний ҳаракатлар блогерларни ҳалокатга олиб келади. Улар ахборот тарқатиш нақадар масъулиятли вазифа эканини, ижодий ишлигини ҳис қилишлари лозим.

Иккинчидан, блогерлар видеога олиш, суратга тушириш, замонавий дизайн асосида безаш, маҳоратли ёза олиш қобилиятига ҳам эга бўлишлари керак. Бунинг учун маълум даражада тажриба, билим даркор. Шу мақсадда энг кўзга кўринган блогерлардан иборат “Маҳорат мактаби” ташкил этилса, мақсадга молик бўлар эди.

Учинчидан, блогерлар мутахассис бўлишлари учун, менимча, журналистика мактабида, албатта, ўқишлари керак. Ахборот оламида қонун-қоидаларсиз, журналистика жанрларини билмасдан, фақат видеога олиш ёки овозни ёзиб олиш билан иш битириб бўлмайди. Улар учун Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бўлимлар очиш зарурмикин? Ўйлаб кўрилса, яхши бўлар эди.

Блогерларнинг воқеа-ҳодисага ўзбошимчалик билан аралашуви, манманликка берилиши салбий жараёнлардир. Қуйидаги мисолларга эътибор беринг: самарқандлик 33 ёшли блогер Отабек Жўраев 250 млн. сўмга алданган аёлнинг муаммоларини ёритиш жараёнида жиноятчи томонидан болта билан жароҳатланган. Бир ўсмир блогер юриб келаётган поезд йўлига ётиб олиб, автоматик видео ёзувни амалга оширган. Бу ғирт саводсизлик ва маънан калтабинлик эмасми? Қолаверса, блогер дегани, минг бир узр, “ювилмаган қошиқ каби” ўзини керак нокерак жойга уравергани билан, “Американи кашф қилолмайди”. Чунки у аллақачон кашф қилинган. Шунингдек, одамларни ҳайратлантираман деб ҳеч бир инсоннинг ўзини ва бошқаларни ёмон йўлга бошлашга ҳаққи йўқ. Айнан ўзини блогер ҳисоблаётганларнинг кўпчилиги эса ўсмирлар ва ҳаётий тажрибаси кам ёшлардир.

Шу ўринда муҳтарам Президентимизнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табригида алоҳида таъкидлаган қуйидаги сўзларини эсдан чиқармаслигимиз керак: “Айни вақтда барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз зарур: ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак”.

Қолаверса, блогерлар фаолияти фақат камчиликларни ёритишдан иборат бўлмаслиги лозим. Чунки биз бир осмон остида ва бир заминда яшаяпмиз. Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида холис хизматдамиз. Ва яна қуйидаги сўзларни алоҳида таъкидлагим келди:

Албатта, фаолиятнинг тўғри йўлда бўлиши муваффақият калити. Халқ доимо янгиликларни, хушхабарларни соғиниб кутади. Ҳаёт фақат шов-шувли, муаммоли воқеа-ҳодисалардан иборат эмас. Ватан қиёфаси ўзгармоқда, мамлакат янгиланмоқда, халқ ўз танлаган йўлидан дадил бормоқда. Буни унутишга, ҳисобга олмасликка эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *